Навальнийнинг ўлими муносабати билан Европа Иттифоқи янги санкцияларни жорий этди: унга 33 киши киритилди

Фото: Reuters

Европа Иттифоқи Навальнийнинг ўлими муносабати билан санкциялар жорий этди: рўйхатга 33 киши ва сиёсатчи сақланган колониялар киритилган. Бу ҳақда ЕИ кенгаши сайтида сўз боради.

Санкциялар рўйхатига Владимир вилоятидаги 6-сонли колония ва Ямал-Ненец автоном округининг Харп қишлоғида жойлашган 3-сонли колониялар киритилган. Европа Иттифоқи Алексей Навальний ҳар икки колонияда ҳам ғайриинсоний ва қадр-қимматни камситувчи муносабатга учраганини айтади.

Рўйхатга Харпдаги колония раҳбари Вадим Калинин ва унинг ўринбосарлари, шунингдек, Навальнийни «экстремизм» моддаси бўйича 19 йилга озодликдан маҳрум этган судья Андрей Суворов ҳам киритилган.

Европа Иттифоқи судьялар Кирилл Никифоров, Евгения Николаева ва Наталья Дударга ҳам санкциялар жорий этди. Европа Иттифоқи улар Россияда репрессияларга ҳисса қўшган бир қатор сиёсий ҳукмларни чиқарганини таъкидлади.

Санкциялар Европа Иттифоқининг Россия расмийларини инсон ҳуқуқлари бузилгани учун жавобгарликка тортиш қатъиятини кўрсатади, деди Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель.

“Айни пайтда биз биламизки, Путин – Россия эмас, Россия эса Путин эмас. Биз Россия фуқаролик жамияти ва мустақил овозларини қўллаб-қувватлашда давом этамиз”, — деди у.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.