Навальнийнинг онасига сиёсатчининг жасади кўрсатилди
Алексей Навальнийнинг онасига сиёсатчининг жасади кўрсатилди. Кеча у Салеҳард Тергов қўмитасида ёлғиз бўлган. Адвокатга эса фақат бугун рухсат берилган.
“Терговчилар ўлим сабаби маълум, барча ҳужжатлар қўлларида борлигини даъво қилмоқда. Қонунга кўра, улар зудлик билан менга Алексейнинг жасадини беришлари керак эди, аммо улар ҳозиргача бундай қилишга шошилишмаяпти. Бунинг ўрнига улар мени шантаж қилиб, Алексейни қаерда, қачон ва қандай дафн қилиш кераклиги ҳақида шарт қўйишди. Бу ноқонуний», – деган Людмила Навальная.
Улар дафн этишни яширинча ўтказмоқчи бўлишган, ҳеч қандай ҳайрлашув маросимларисиз. Мени қабристоннинг четига, янги қабрга олиб бориб: «Мана, ўғлингиз ётибди», демоқчи ҳам бўлишди. Мен бунга рози бўлмадим. Сиз, барчамиз Алексейни севадиганлар, қадрлайдиганлар, у билан хайрлашиш имкониятига эга бўлишингизни хоҳлайман, деган у.
Унинг қўшимча қилишича, «Менга таҳдид қилина бошлагани учун бу видеони ёзишга мажбур бўлдим. Кўзларимга қараб, яширин дафнга рози бўлмасам, ўғлимнинг жасади билан нимадир қилишларини айтишади. Терговчи Воропаев менга очиқчасига айтди: «Вақт сиз томонга ҳаракатланмаяпти, аксинча, мурда зарарланмоқда». Мен алоҳида шартларни хоҳламайман, фақат ҳамма нарса қонун бўйича амалга оширилишини хоҳлайман. Мен ўғлимнинг жасади зудлик билан менга қайтарилишини талаб қиламан”, – дейилган видеомурожатда.
Шарҳлар