Непалда тошқин оқибатида 170 киши ҳалок бўлди
Непалда сув тошқини оқибатида 170 киши ҳалок бўлди, яна 42 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланилмоқда. Бу ҳақда AFP Непал ИИВга таяниб хабар берди.
Ўлимларнинг аксарияти мамлакат пойтахти Катмандуда қайд этилган. Шаҳардан оқиб ўтувчи дарёлар ёғингарчиликлар туфайли тўлиб-тошган. 27 сентябрдан буён Непалда ёғин миқдори 240 мм.ни ташкил этган бўлиб, бу 2002 йилдан буён кузатилган рекорд кўрсаткич ҳисобланади.
ИИВ вакили Риши Рам Тивари агентликка маълум қилишича, Катмандуда бир нечта даҳа сув остида қолган. Ҳозир шошилинч хизматлар автомагистралларни ахлатдан тозалаш учун булдозерлардан фойдаланмоқда. Айни пайтда шаҳар Непалнинг қолган қисмидан бутунлай узилиб қолган.
Ҳалок бўлганларнинг камида 35 нафари Катманду жанубидаги шосседа юз берган ер кўчиши пайтида транспорт ичида бўлган. Қарийб 3 минг киши қутқариб олинган. Одамлар вертолётлар ва моторли қайиқларда ташилган. Шаҳарда Халқаро Қизил хоч қўмитаси ходимлари томонидан эвакуация марказлари ва гуманитар ёрдам пунктлари ташкил этилган.
Шарҳлар