Newsweek: Россия армияси Курск областида йўқотилган ҳудудларнинг чорак қисмини қайтариб олди
Украина қуролли кучлари (УҚК) Россия армиясининг қарши ҳужуми фонида Курск областида ўз ўрнини йўқота бошлади, деб ёзади Newsweek. Нашр Украинанинг DeepState сайти маълумотларини таҳлил қилган.
Октябрь ойидан бери рус қўшинлари Курск областининг тахминан 120 км² ни қайтариб олишга муваффақ бўлган. Бундан ташқари, ўтган дам олиш кунлари уларнинг 65 км² қайта қўлга олинган. Ҳозирда Украина қуролли кучлари назорати остида 660 км² га яқин майдон мавжуд, яна 360 км² “кулранг” зона ҳам бор. Шу билан бирга, таҳлилчиларнинг фикрига кўра, август ойида Курск областидаги кучли ҳужумларда Украина кучлари 900 км² га яқин майдонни эгаллашга муваффақ бўлганди, яна 330 км² “кулранг” зонада эди.
Россия армияси Кореневский районида энг катта муваффақиятларга эришган. «Два майора» Z-каналининг ёзишича, улар “Толстый Луг” ва “Новоивановка”ни эгаллашга муваффақ бўлишган. Россия Мудофаа вазирлигига яқин бўлган “Рибар” каналининг ёзишича, армия Ольговка, Покровский, “Зеленый Шлях» ва “Нижний Клин” устидан ҳам назоратни тиклаган. Бундан ташқари, россиялик ҳарбийлар Любимовка ҳудудида Украина қуролли кучларини қуршаб олufy. Ушбу аҳоли пункти, шунингдек, “Зеленый Шлях” ва Новоивановка йўқотилганлиги DeepState томонидан ҳам тан олинган. Шу билан бирга, у тилга олинган қолган қишлоқлар ҳамон Украина назоратида эканини даъво қилмоқда. Курск областидаги вазиятни қийин деб аташ мумкин, дейди таҳлилчи ва лойиҳа ҳаммуассиси Роман Погорелий “Громадського радио” эфирида. Унинг сўзларига кўра, Россия у ерда катта миқдордаги техника билан 50 минггача ҳарбий хизматчини тўплаган ва ҳозирда бу захираларни жангга жўнатган. Худди шу маълумотни УҚК бош қўмондони Александр Сирский ҳам маълум қилади.
Шарҳлар