Нидерландия Украина учун дронлар коалициясига қўшилди
Нидерландия Украинани илғор дрон технологиялари билан таъминлайдиган ва Россияга қарши урушда унинг ҳужум қобилиятини кучайтирадиган иттифоқдошлари билан ҳарбий коалицияга қўшилади, деди Нидерландия мудофаа вазири. Бу ҳақда Reuters хабар беради.
Дронлар Киевга Голландия томонидан тақдим этилган F-16 қирувчи самолётлари, артиллерия, ўқ-дорилар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига қўшимча равишда берилади.
Нидерландия 2024 йил учун режалаштирилган 2 миллиард евродан ташқари қўшимча харажатларга дуч келиши мумкин, – деди Нидерландия мудофаа вазири Касья Оллонгрен чоршанба куни Брюсселда НАТО мудофаа вазирларининг икки кунлик учрашувлари олдидан Reuters агентлигига.
Украина Мудофаа вазирлиги ўтган ой Британиянинг иштирокини эълон қилганди.
Буюк Британия ҳам, Голландия ҳам Украинанинг дронлар паркини кенгайтиришга ёрдам беришган.
“Янги томони шундаки, биз ҳозир ушбу коалицияни тузмоқдамиз. Яъни, биз алоҳида-алоҳида қиладиган ишимизни Украинанинг янги талабларига жавоб бера оладиган ягона коалицияга бирлаштирмоқдамиз, чунки улар фронтда жанг давом этаётганини кўришади. Менимча, бу коалициянинг кучидир”, – деди у Гаагадаги офисида.
Шарҳлар