Нидерландия Украинага 18 та Ф16 самолётини топширишга тайёргарликни бошлади — Зеленский
Украина Президенти Нидерландия Бош вазири билан фронтдаги воқеалар, Қора денгиздаги вазият ва Украинанинг жорий ҳарбий эҳтиёжлари, шу жумладан артиллерия, дронлар ва ҳаводан мудофаа воситалари масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда UNIAN ахборот агентлиги ёзмоқда.
«Бугун мен президент Зеленскийга ҳукуматимизнинг 18 та Ф-16 қирувчи самолётини Украинага етказиб бериш учун тайёрлаш тўғрисидаги қарори ҳақида ҳам маълум қилдим. Ф-16 самолётларини етказиб бериш Украинани ҳарбий қўллаб-қувватлаш бўйича келишувларнинг энг муҳим элементларидан биридир”, – деган Марк Рютте.
У шунингдек, экспорт рухсатномасидан ташқари, Ф-16 етказиб берилиши учун Украина биринчи навбатда ходимлар ва инфратузилмага оид бир қатор бошқа талабларни бажариши кераклигини қўшимча қилган. Аммо Рюттенинг айтишича, бу қарорнинг ўзи Нидерландиянинг Украинага давом этаётган Россия тажовузига жавоб бериш учун зарур бўлган ёрдамни кўрсатишга содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Украинанинг Европа истиқболлари ҳақида Голландия Бош вазири шу пайтгача эришилган ютуқлардан ҳайратда эканлигини ҳам айтган:
“Нидерландия Украинага ЕИга қўшилиш жараёни талаб қиладиган ислоҳотлар бўйича кейинги ишида ёрдам беришга тайёр. Шунингдек, мен президент Зеленскийни Нидерландия 2024 йил феврал ойида Европа Кенгашидаги йиғилишда Европа Иттифоқи томонидан молиявий кўмак бўйича келишувга эришиш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширишига ишонтирдим», – деган Рютте.
Айни вақтда Ниднрландия ҳукумати дастлабки 18 та Ф-16 кўп мақсадли қирувчи самолётларини Украинага топширишга тайёргарлик кўришни бошлаган.
Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленскийнинг Х тармоғи ва давлат раҳбари матбуот хизматидаги хабарларида айтилган. У шунингдек Нидерландия Бош вазири Марк Рютте билан кўплаб масалаларни муҳокама қилганлигини ҳам қайд этган.
“Мен Нидерландия Бош вазири Марк Рютте билан телефон орқали мулоқот қилдим, суҳбатда мен Нидерландия ҳукуматига Украинага келтириш учун дастлабки 18 та Ф-16 қирувчисини тайёрлашни бошлаш қарори учун миннатдорчилик билдирдим”, — деган Зеленский.
Украина президенти, шунингдек, Нидерландияга Украинанинг ЕИга аъзо бўлиш бўйича музокаралар бошланишини фаол қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирган ва ЕИнинг 50 миллиард евро миқдоридаги узоқ муддатли ёрдамини тезкорлик билан Украинага кўрсатиш муҳимлигини таъкидлаган.
Шарҳлар