Nikkei: Путин Украина билан урушни яна беш йил давом эттириш ниятида
Март ойида Москвада бўлиб ўтган учрашувда Россия президенти Владимир Путин хитойлик ҳамкасби Си Цзинпинга Россия Украинада “урушни камида беш йил давом эттиради” деганди, дея хабар беради Nikkei Asia.
Яқинда The New York Times газетасининг ёзишича, Путин ҳеч бўлмаганда сентябрь ойидан бери Россия ҳозирда босиб олган ҳудудларини сақлаб қолиши шарти билан ўт очишни тўхтатишга розилигини билдириш учун воситачилардан фойдаланмоқда.
Агар Россия ва Украина ўртасидаги уруш узоқроқ давом этса, бу Си Цзинпиннинг Хитой президенти ва Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси бош котиби лавозимидаги учинчи муддатдаги режалари ва амбицияларига жиддий таъсир қилади. Бу Си Цзинпиннинг Тайванни материк Хитой билан бирлаштириш мақсадига ҳам таъсир қилиши мумкин.
Путиннинг Украинада беш йиллик уруш эълон қилиши Япониянинг ҳарбий сиёсатига ҳам таъсир қилиши мумкин. Япония аллақачон кўп йиллар давомида қурол экспортини тақиқлаган асосий тамойилларини қайта кўриб чиқмоқда.
Япония “Патриот” ракеталарини учинчи давлатларга етказиб бермаслик шарти билан АҚШга экспорт қилади. Бироқ, асосий мақсад АҚШнинг ракета захираларини тўлдиришдир, чунки Россиянинг Украинага узоқ давом этган бостириб кириши туфайли Америка захиралари тугамоқда.
Шуни ёдда тутиш керакки, 2023 йилда Хитой ва Россия раҳбарлари ўртасидаги суҳбатлар, хусусан, Путиннинг март ойида Украинадаги урушни узайтириш ҳақидаги баёноти Япония ва бутун Ҳинд-Тинч океани минтақаси учун хавфсизликка таъсир қилиши мумкин, деб ёзади Nikkei Asia.
Аввалроқ Ўзбекистон Россияга порох ишлаб чиқариш учун зарур бўлган пахта целлюлозасини етказиб беришда давом этаётгани маълум бўлган эди. Санкциялар Россияга хорижий ҳарбий технологияларни сотиб олишни қийинлаштирди. Аммо порох компонентлари бўйича Москва ҳамон Марказий Осиёдаги икки қўшнисига таяниши мумкин, улар уруш бошланганидан кейин ўзининг асосий таркибий қисми бўлган пахта целлюлозаси экспортини оширган.
Шарҳлар