Нижний Новгород областида меҳнат муҳожирларига ишлаш учун патент беришни тўхтатишлари эҳтимоли бор
Нижний Новгород областида “визасиз” мамлакатлардан келадиган меҳнат муҳожирларига жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб меҳнат фаолияти учун янги патентлар берилмаслиги мумкин. Ушбу хабар Ички ишлар вазирлигининг область бўйича бош бошқармаси сайтида пайдо бўлган, бироқ ҳозирда у ўчириб ташланган.
Нижний Новгород полициясига кўра, бу қарор область губернатори Глеб Никитиннинг Россия Ички ишлар вазирлигига йўллаган хати асосида қабул қилинган. Бошқарма томонидан 23 сентябрь куни 1/11198-сонли тегишли буйруқ чиқарилган.
Шу билан бирга, областдаги миграция департаменти аввалроқ патент олган муҳожирлар учун патентларни қайта рўйхатдан ўтказишни давом эттиради, дейилади хабарда.
“Бу расмий меҳнат шартномасига эга бўлмаган барча муҳожирлар учун ҳақиқий ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўлади. Унинг мавжудлиги муҳожирнинг танлови эмас. У аллақачон ўз чўнтагидан солиқ тўлайди, патент учун тўлайди. Бу ҳар доим солиқ, пенсия ва бошқа суғурта бадалларини тўлашдан бўйин товлайдиган иш берувчининг танловидир”, — дейди ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупик “Важные истории” нашрига.
Унинг таъкидлашича, патент беришни тақиқлаш ташаббуси Россияда биринчи марта кузатилмоқда. Аввалроқ, Москва областида муҳожирлар учун ишлаш бўйича чекловлар, гарчи унчалик қаттиқ бўлмаса-да, жорий этилиши режалаштирилгани маълум бўлган эди: 2025 йилдан уларга соғлиқни сақлаш, таълим ва транспортда ишлаш тақиқланади.
Чупикнинг сўзларига кўра, агар бундай қарор кучга кирса, Нижний Новгород областида меҳнат муҳожирлари сонининг “кескин қисқариши” кузатилади.
Муҳожирлар шунчаки муносиброқ ҳудудларга жўнаб кетишади – Нижний Новгород областида на фаррошлар, на сантехниклар, на қурувчилар, на юк кўтарувчилар, на ҳамширалар, на қишлоқ хўжалиги ишчилари, на ҳайдовчилар қолади”, — дея изоҳ беради ҳуқуқ ҳимоячиси.
Россия ҳукумати муҳожирларнинг мамлакатда қолиш шартларини фаол равишда кучайтирмоқда. Бугун маълум бўлишича, 2025 йил март ойида Россия Федерациясида ноқонуний бўлган хорижликлар реестри йўлга қўйилади. Бундан ташқари, бугун ҳукумат ноқонуний миграция учун жазони кучайтирувчи қонун лойиҳалари пакетини маъқулламоқчи, деб ёзади “Коммерсант”.
Муҳожирларга қарши чора-тадбирлар туфайли аввал курьерлар танқислиги юзага келганди – “Вайлдберриз” ва “Озон”нинг энг йирик бозорлари зарар кўрган. Бир нечта марказий ҳудудларда “Пятерочка” дўконлари пештахталаридан товарлар ғойиб бўлган — марказ ходимлари муҳожирларга қарши полиция рейдидан сўнг депортация қилинган.
Шарҳлар