Нобель мукофоти совриндори Бангладешда муваққат ҳукуматга раҳбар бўлади
Тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори Муҳаммад Юнус Бангладеш муваққат ҳукумати раҳбари этиб тайинланди. Бу ҳақда Dhaka Tribune газетаси Бангладеш президенти Шаҳобиддин Чуппу матбуот котиби Жойнал Абединга таяниб хабар берди.
Матбуот котибининг сўзларига кўра, қарор президентнинг “Талабалар дискриминацияга қарши” ҳаракати етакчилари билан 6 август куни бўлиб ўтган учрашуви якунлари бўйича қабул қилинган. Унинг аниқлик киритишича, муваққат ҳукуматнинг тўлиқ таркиби турли сиёсий партиялар билан маслаҳатлашувлардан кейин шакллантирилади.
5 август куни кўп сонли норозилик намойишларидан кейин Бангладеш бош вазири Шайх Ҳасина истеъфога чиққанини эълон қилди ва мамлакатни тарк этди. Мамлакат армияси муваққат ҳукумат тузилганини маълум қилди. Талабалар намойишлари етакчилари армия раҳбарлигидаги ҳукуматни қабул қилмаслигини билдирди. Муҳаммад Юнус намойишчилар талабига кўра муваққат ҳукуматни бошқаришга тайёрлигини маълум қилди. У, шунингдек, республикада эркин сайловлар ўтказилиши зарурлигини таъкидлади.
Муҳаммад Юнус 2006 йилда иқтисодий ривожланишга қаратилган фаолияти учун тинчлик бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлган эди. Ўзининг Grameen Bank банки орқали у Бангладеш аҳолисига паст фоизли микрокредитлар тақдим этган. 2024 йил январида Юнус Бангладешда озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган эди. Айни пайтда у Парижда яшайди.
Шарҳлар