Европа кутубхоналаридан ноёб китобларни ўғирлаган Грузия фуқаролари қўлга олинди
Евроиттифоқнинг тўртта мамлакатида ва Грузияда жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди, улар Европа кутубхоналаридан ноёб китобларни ўғирлашда гумон қилинмоқда, деб хабар беради Европол матбуот хизмати.
Европа полицияси маълумотларига кўра, жиноятчилар Чехия, Эстония, Финляндия, Франция, Германия, Латвия, Литва, Польша ва Швейцария миллий ва тарихий кутубхоналаридан ноёб китобларни ўмариб кетган. Уларнинг асосан рус ёзувчиларининг китобларини, хусусан, Александр Пушкин ёки Николай Гоголнинг илк нашрларини ўғирлашни кўзлаган.
Гумонланувчилар кутубхоналарга келиб, “алоҳида, академик қизиқишга эга” одамлар каби уларга антиквар китобларни кўрсатишни сўраган. Сўнг улар китобларни пухталик билан ўлчаб, суратга туширган. Бир неча кун, ҳафта ёки ой ўтгач, жиноятчилар қайтиб келиб, яна худди шу китобларни сўраган, аммо бу сафар улар қалбаки китобларни қайтарган. Экспертлар нусхалар “аъло сифат”га эга деб баҳолади.
Бошқа ҳолатларда эса гумонланувчилар “шунчаки кутубхоналарга бостириб кирган”, дейилади Европол хабарида.
Тергов версиясига кўра, жиноий гуруҳ қарийб 2,5 миллион евролик камида 170 та китобни ўғрилаган. Уларнинг баъзилари Санкт-Петербург ва Москвада аукцион уйлари томонидан сотилган, бу эса уларни қайтариш имконияти йўқлигини билдиради.
Шарҳлар