Нуфузли ғарб ОАВ “қайта сайланиш томошаси” ва қийноқлар қонунийлаштирилганидан кейин Путинни президент деб атамай қўйди
Ғарб давлатлари ҳали ҳам Владимир Путинни Россия давлатининг ноқонуний раҳбари деб эълон қилишга шошмаяпти, гарчи бу борада Европа Иттифоқида баҳслар бўлган бўлса-да. Сиёсатчилардан фарқли ўлароқ, Британия, Франция ва Германия оммавий ахборот воситаларида Путинни “президент” деб аташ ҳолатлари тобора камаймоқда, дея таъкидлайди “МО” нашри.
Германиянинг Bild газетаси саҳифаларида Путиннинг сурати остига: “Кремль золими нутқ сўзлаяпти” – деб ёзилган. Нашр бу сўзнинг турли синонимларидан фойдаланган: диктатор, золим ва деярли «президент» атамасини қўллашни тўхтатган.
Британиянинг The Telegraph газетаси ҳам Путинга нисбатан “диктатор” атамасини ишлата бошлади. The Sun таблоиди ҳатто Путинни “параноик”, «ақлдан озган золим» ва «ақлдан озган Влад» (mad Vlad) деб атаган. Газета Россия раҳбариятини “Крокус Сити Холл”даги террорчиларни қийноққа солгани, шунингдек, бир йилдан бери қамоқда сақланаётган журналист Эван Гершковични ҳибсда сақлаётгани учун кескин танқид қилган.
“Кремль етакчиси Владимир Путин 150 минг кишини армияга чақирмоқда”, — деб ёзилган Sueddeutsche Zeitung газетасидаги мақолага жойлаштирилган фотосурат остига. Немис нашри ҳам Путинни «президент» деб аташни деярли тўхтатган. Журналистлар уни «Кремль етакчиси (бошлиғи)» деб аташади.
Худди шундай, Путин Frankfurter Algemeine нашрида – «Кремль раҳбари (бошлиғи)» деб тавсифланган. Бошқа немис нашрлари, хусусан, Spiegel ва Welt ана шу атамалардан фойдаланишни бошлаган: «Томоша сифатида танқид қилинган президентлик сайловларидан сўнг, Кремль етакчиси Владимир Путин ўз ғалабасини ва Қрим аннексия қилинганининг ўн йиллигини нишонлади». Путинни француз Le Monde ва Liberation нашрлари ҳам шундай (Le maître du Kremlin) аташмоқда.
Шарҳлар