,

Оқ уй Ил-76 ҳалокати юзасидан изоҳ беришдан бош тортди

Фото: РИА Новости

Оқ уй Россиянинг Ил-76 самолёти ҳалокати юзасидан изоҳ беришдан бош тортди, деб хабар қилади BBC News.

Оқ уй вакили Жон Кирби матбуот учун брифингда “Белгород вилоятида қулаб тушган Ил-76 самолётида украиналик ҳарбий асирлар бўлгани ростми?” — деган саволга жавобан АҚШда ҳодиса ҳақидаги маълумот жуда камлигини билдирди.

“Биз хабарларни кўрдик, кўпроқ ахборот йиғишга уриняпмиз, кўриб турибмизки, украиналиклар битта нарсани, россияликлар бошқа нарсани айтмоқда, бизда эса бунга қандайдир изоҳ бериш учун етарли маълумот йўқ”, — деди Жон Кирби.

Аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский мамлакат Ил-76 самолёти ҳалокати юзасидан халқаро суриштирув олиб борилишини талаб қилиб туриб олишини айтганди.

Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти 24 январь куни эрталаб Белгород вилоятида ҳалокатга учраган эди. Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, бортда 74 киши бўлган: Украина қуролли кучларининг 64 нафар асирдаги ҳарбийлари, олти нафар экипаж аъзоси ва уч нафар ҳамроҳлик қилувчи шахслар. Белгород губернатори Вячеслав Гладков уларнинг барчаси ҳалок бўлганини билдирди.

Россия Мудофаа вазирлиги маълумотлари бўйича, самолёт Харьков вилоятининг Липци аҳоли пункти ҳудудидан зенит-ракета мажмуаси ёрдамида ҳужумга учраган. Россия ТИВ ҳодисани теракт деб атади ва жавобгарликни Украинага юклади. Давлат думасининг мудофаа бўйича қўмитаси раҳбари Андрей Картаполов маълум қилишича, 24 январь куни Россия ва Украина ўртасида “192 га 192” формуласи бўйича асирлар билан айирбошлаш бўлиб ўтиши керак эди: Ил-76 да 65 киши бўлган, қолганлар иккинчи самолётда юборилган, аммо у ҳалокатдан кейин ортга қайтарилган; унинг фикрича, Ил-76 Украина томонидан “бу айирбошлашувни йўққа чиқариб, сўнг бунда Россияни айблаш учун” уриб туширилган.

Украина ҳарбий разведкаси 24 январга асирлар алмашинуви белгиланганини тасдиқлади. Аммо Украина асирлар қайси йўналиш билан ва қай тарзда етказилиши ҳақида хабардор қилинмаган, шунингдек, Белгород ҳаво ҳудудида хавфсизликни таъминлаш зарурлиги ҳақида огоҳлантирилмаган, “авваллари эса бир неча марта шундай қилинган”.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.