ОАВ: ЕИ Киев билан аъзо бўлиш ҳақидаги музокараларни 25 июнда бошламоқчи
Декабрь ойида Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишель Европа Иттифоқи Украина ва Молдова билан ЕИга аъзо бўлиш бўйича музокараларни бошлашга қарор қилганини маълум қилган эди. Бироқ Венгриянинг позицияси туфайли ушбу процедура тўхтатилди, деб ёзади Politico: Гап шундаки, Будапешт Киевни мамлакат ғарбидаги венгер озчилигига зулм қилишда айбламоқда.
Нашрнинг ёзишича, Украина ҳам, ЕИ ҳам ҳозир Венгрия билан парда ортидаги музокараларни фаол олиб бормоқда ва бу тўсиқни бартараф этишга ҳаракат қилмоқда.
Аноним европалик дипломат нашр билан суҳбатда, Будапешт 6—9 июнь кунлари бўлиб ўтадиган Европарламентга сайловлар олдидан Киев билан музокараларга рухсат бермоқчи эмас, чунки бу уларнинг натижаларига таъсир қилади, деган фикрни билдирди. Бошқа томондан, манбанинг фикрича, Венгрия июль ойида Европа Иттифоқи кенгашига раислик қилгунга қадар бу муаммони ҳал қилишни хоҳлаяпти.
Шарҳлар