ОАВ: Россия дронлари Руминия ҳудудига қулаб тушди
24 июлга ўтар кечаси Одесса яқинидаги Украина портига ҳужум пайтида Россиянинг бир нечта дрони Руминия ҳудудига қулаган. Бу ҳақда Украина хавфсизлик ва мудофаа кучларидаги манбаларга таяниб, Kyiv Post нашри хабар беради.
Ушбу маълумотларга кўра, Одесса области билан чегарадош зонадаги Руминия ҳудудига Россиянинг Shahed типидаги учта дрони қулаган. “Камикадзе дронларнинг портлашлари Украина чегарасидан 7 километр узоқликдаги Никулицель қишлоғи ҳудудида қайд этилган”, — дейилади хабарда.
Дронлар қулаганини Михаил Когэлничану номидаги 57-авиабазадан IAR-330 вертолётининг экипажи тасдиқлади. Портлашлардан кейин вертолёт учувчиси ёнғин ҳақида хабар берган. Руминия томони Россия дронлари қулаши эҳтимоли ҳақидаги маълумотга ҳали расман изоҳ бермади.
Шарҳлар