Очиқ ва ёпиқ АГТКСларни кўрсатувчи мобил илова ишлаб чиқилмоқда
Ўзбекистонда очиқ ва ёпиқ АГТКСлар ҳамда уларга борадиган йўллардаги тирбандликлар ҳақидаги маълумотларни кўрсатадиган мобил илова ишлаб чиқилмоқда. Энергетика вазирлиги матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаевнинг маълум қилишича, иловага республика бўйича “Ҳудудгазтаъминот” компаниясидан газ сотиб олувчи 1329 та пункт киритилади. Илова жорий йилнинг қиш ойларида ишга туширилиши режалаштирилган.
Тақдим этилган мобил иловада “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти тасарруфидаги метан ёқилғисини қуйиш шохобчаларидан қайси бири фаолият юритаётгани ҳақида маълумот кўрсатилади. Энергетика вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Хасан Тошхўжаевнинг сўзларига кўра, илова онлайн режимда ишлайди ҳамда ёқилғи қуйиш шохобчаларига борадиган йўллардаги тирбандликлар ҳақида ҳам маълумот беради.
Шунингдек, Хасан Тошхўжаев ушбу иловадан бутун республика бўйлаб фойдаланиш мумкинлигини ва Yandex Go такси иловаси билан интеграция қилинишини таъкидлади. Бироқ, тизимнинг ўзи алоҳида иловада тақдим этилади.
Матбуот котибининг сўзларига кўра, истеъмолчиларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида электр энергияси ва табиий газ истеъмоли ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш учун мобил иловалар ҳам ишлаб чиқилмоқда. Айни пайтда истеъмолчилар ушбу маълумотларни “Ҳудудий электр тармоқлари” ва “Ҳудудгазтаъминот” компаниясининг расмий веб-сайтларидаги шахсий кабинетлари орқали олишлари мумкин.
Қайд этиш жоизки, қиш мавсумида Ўзбекистонда маиший истеъмолчилар ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан таъминлаш мақсадида совуқ кунларда табиий газ босимининг пасайиши муносабати билан газ қуйиш шохобчалари фаолиятига чекловлар жорий этилмоқда. Сўнгги чекловлар февраль ойининг ўрталаридан 7 мартгача амал қилган.
Шарҳлар