Қозоғистон ўз фуқароларини Одесса ва Харьков вилоятларини тарк этишга чақирди
Қозоғистон ҳукумати ўз фуқароларини хавфсизлик юзасидан Одесса ва Харьков вилоятларини тарк этишга чақирди. Бу ҳақда Қозоғистоннинг Киевдаги элчихонаси сайтида хабар берилди, деб ёзади “Коммерсантъ”.
“Украинанинг Одесса ва Харьков вилоятларида хавфсизлик билан боғлиқ беқарор вазият ва ўсиб бораётган кескинлик муносабати билан, Қозоғистон Республикасининг Украинадаги элчихонаси Қозоғистон фуқароларига ушбу вилоятларни тарк этиш имкониятини кўриб чиқишни тавсия қилади”, — дейилади хабарда. Элчихона аниқлик киритишича, Польша орқали чиқиб кетмоқчи бўлган Қозоғистон фуқароларига Шенген визаси керак бўлади.
Қозоғистон 2022 йилда ҳам Россия ҳарбий операцияси бошланганидан кейин ўз фуқароларини Украинани тарк этишга даъват қилган эди. Россия бош вазири Михаил Мишустин санкциялар фонида Россия учун Қозоғистон билан “дўстлик ва яхши қўшничилик алоқалари” айниқса муҳим эканини таъкидлаганди. Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Ғарб санкцияларини бузмаган ҳолда, Россия билан ҳамкорликни, шу жумладан, иқтисодий соҳада давом эттиришга ваъда берганди.
Шарҳлар