Шольц Украинага Москвага етиб боришга қодир ракеталар етказиб берилмаслигини айтди
Германия канцлери Олаф Шольц ўзига ўтказилган босимга қарамасдан, Украинага узоқ масофали ракеталарни етказиб беришга рози бўлмайди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Аввалроқ Украина ҳукумати Германиядан 500 км масофали Taurus ракеталарини бир неча марта сўраган эди.
“Кўплар менга босим ўтказганига қарамай, мен Москвагача етиб боришга қодир қанотли ракеталарни етказиб бермайман. Мен мана шу ерда ишонтириб айтишим мумкинки, шу позицияда қоламан”, — деди Шольц Бранденбург федерал ўлкасидаги Нидергёрсдорф жамияти фуқаролари билан учрашувда.
Россия президенти Владимир Путин Ғарб мамлакатлари узоқ масофали қурол билан Россия ҳудудига зарбаларга рухсат берса, бу НАТОнинг Россия-Украина урушидаги бевосита иштирокини англатишини таъкидлаганди. Ундан аввалроқ эса Буюк Британия АҚШ рози бўлса, Украинага рухсат бериши ҳақида хабарлар тарқалганди. АҚШ президенти Жо Байден эса бундай зарбалар Американинг АТАCМS эмас, балки Англия ва Франциянинг Storm Shadow/SCALP ракеталари билан берилиши мумкинлигини айтганди.
Шарҳлар