АҚШ Нигер пойтахтидан ўз қўшинларини олиб кетди
Америка қўшинлари Нигер пойтахти Ниамейдаги базадан чиқиб кетишни якунлади, деб ёзади “Коммерсантъ”. 15 сентябрга қадар АҚШ ўз кучларини мамлакат шимолидаги Агадес шаҳридан олиб чиқиши керак. Нигерда 950 га яқин америкалик ҳарбийлар бўлган, уларнинг 766 нафари мамлакатни тарк этган.
“Нигер Республикаси Мудофаа вазирлиги ва АҚШ Мудофаа вазирлиги Ниамейдаги 101-авиация базасидан Америка кучлари ва ускуналари олиб кетилиши якунланганини эълон қилади”, — дейилади қўшма коммюникеда. Базадаги маросимда Нигер армияси штаб бошлиғи Маман Сани Киау ва америкалик генерал Кеннет Экман қатнашган.
Март ойида Нигер ҳукумати АҚШ билан ҳарбий ҳамкорлик тўғрисидаги битимни бекор қилди. Апрелда Нигерга 100 нафар россиялик ҳарбий инструкторлар етиб келди. Май ойида Нигер пойтахтида Россия байроғи кўтарилди. Ўша ойда Россия ҳарбий мутахассислари АҚШнинг Нигердаги базасига кирди, шунингдек, мамлакатга Россиядан ҳарбий техника етиб келди.
Шарҳлар