Вьетнамдаги энг бой тадбиркор аёллардан бири фирибгарлик учун ўлимга ҳукм қилинди

Foto: AP

Вьетнам суди аввалроқ камида 12,5 миллиард доллар миқдоридаги ўғриликда ва мамлакат тарихидаги энг йирик фирибгарликда айбланган тадбиркор аёл Чионг Ми Ланни ўлим жазосига ҳукм қилди, деб хабар беради Медуза.

67 ёшли Чионг — Вьетнамдаги энг таниқли тадбиркор аёллардан бири. У Хошимин марказий бозорида косметика сотиш орқали ўз карьерасини бошлаган. 1980-йиллар охирида коммунистик Вьетнам ҳукумати бозор ислоҳотларини жорий қилгач, у ер ва кўчмас мулк операциялари билан шуғулланган. Ўша йиллари шу орқали Вьетнамнинг кўплаб энг бадавлат одамлари бойлик орттирган.

2012 йилда Чионг Ми Лан Сайгон тижорат банки устидан назоратни қўлга киритган ва у тез орада активлари ҳажми бўйича Вьетнамдаги энг йирик хусусий кредит ташкилотига айланган.

Вьетнам қонунчилиги бир кишининг ҳар қандай банкнинг 5 фоиздан ортиқ акцияларига эгалик қилишига йўл қўймайди, бироқ Чионг юзлаб сохта компаниялар ва ваколатли шахслардан фойдаланиб, аслида 90 фоиздан ортиқ активларга эгалик қилган. У бизнеси аудиторлик текширувларидан ўтказилмаслиги учун юқори мансабли амалдорларга ёппасига пора тўлаган.

Айблов версиясига кўра, Чионг фирибгарлик схемалари ёрдамида 12 миллиард доллардан зиёд маблағни ўзлаштириб олган, бу 100 миллион аҳолига эга мамлакат йиллик ялпи ички маҳсулотининг 3 фоизига тенгдир. Жами зарар 22 миллиард долларни ташкил этган бўлиб, судланувчи буни жарима сифатида тўлаб бериши керак.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.