,

Олимлар Сибирь ва Арктикадаги “зомби вируслар” қайта уйғониши ҳақида огоҳлантирди

Фото: РИА Новости

Арктика абадий музликларида музлаб қолган зомби вируслар ёки Мафусаил микроблари туфайли дунёда янги пандемия юзага келиши мумкин. Улар глобал исиш ва музликлар эриши натижасида қайтиб келиши мумкин, дея огоҳлантиради олимлар. Бу ҳақда The Telegraph ёзмоқда.

Олимлар Арктика мониторинг тармоғини режалаштиришга киришди, у қадимий вируслар келтириб чиқарадиган касалликларнинг илк ҳолатларини аниқлаш билан шуғулланади. Мутахассислар касаллик авж олиши ва касалланганларнинг ҳудуддан чиқиб кетиши олдини олиш мақсадида инфекция юқтирганлар учун карантин ва малакали тиббий ёрдам тизимини яратади.

Роттердамдаги Эразмус тиббиёт маркази вирусологи Марион Купманс таъкидлашича, олимлар ҳозиргача абадий музликларда яшириниб келаётган вируслар ҳақида маълумотга эга эмас, аммо улардан бири, масалан, полиомиелитнинг қадимий формаси касаллик авж олишига сабаб бўлиши юзасидан реал хавф мавжуд. “Биз шунга ўхшаш нарса содир бўлишини тахмин қилишимиз керак”, — деди вирусолог.

Экс-Марсель университетидан генетик Жан-Мишель Клавери раҳбарлиги остидаги олимлар гуруҳи 2014 йилда Сибирда тирик вирусларни изоляция қилиб, улар ўн минг йиллар давомида абадий музликларда ётганидан кейин ҳам бир ҳужайрали организмларга юқа олишини исботлаган эди. Ундан кейин давом этган тадқиқотлар натижалари ўтган йили эълон қилинган, уларга кўра, Сибирнинг еттита турли нуқтасида турли вирус штаммлари аниқланган. Вирус намуналаридан бири 48,5 минг йиллик тарихга эга.

“Биз ажратиб олган вируслар фақат амёбаларга юқиш қобилиятига эга бўлиб, одам учун хавф туғдирмаганди”, — деди олим. Бироқ, бу ҳамон абадий музликларда сақланаётган бошқа вируслар одамда ҳам касаллик келтириб чиқармайди дегани эмас, дея давом этди у.

Вирусолог аниқлик киритишича, абадий музликнинг энг муҳим жиҳати шундан иборатки, “у совуқ, қоронғи ва кислороддан холи, бу эса биологик материал сақланиб қолиши учун мукаммал шароит”.

Аммо энг муҳим хавф абадий музликларнинг эриши эмас, Арктика денгиз музининг йўқолиши билан боғлиқ, чунки бунинг натижасида Сибирь саноат жиҳатидан тез ривожлана бошлайди, кемачилик авж олади, нефть ва руда қазиб олиш учун улкан чуқурлар ковланади. “Бундай операциялар туфайли у ерда ҳамон гуллаб-яшнаётган катта сонли патогенлар юзага чиқади. Кончилар бу ерга келиб, вируслардан нафас олади, бунинг оқибатлари ҳалокатли бўлиши мумкин”, — дея хулоса қилди вирусолог.

Маълумот учун: Зомби вируслар — ўтмишда фаол бўлган, энди эса музлаган ҳолатда бўлган касалликлар қўзғатувчилари.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.