Олий Рада маҳбусларни сафарбар қилишга рухсат беришга тайёр
Украина Олий Радаси маҳкумларнинг жанговар ҳаракатларда ихтиёрий иштирок этиш имконияти тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Таклиф шунингдек, маҳбусларнинг айрим тоифаларини сафарбар қилишни тақиқлашни ҳам ўз ичига олади, деб хабар беради DW.
Депутатлар томонидан маъқулланган янги қонун лойиҳасига кўра, суд маҳкумларни ҳарбий ҳолат даврида шартнома асосида хизмат қилишлари учун шартли равишда озод қилиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Ушбу ўзгартириш учун 281 депутат овоз берди, минимал талаб қилинадиган овозлар сони 226 нафарни ташкил этди.
Ташаббусга кўра, озодлик Украина миллий хавфсизлигига қарши жиноятлар, икки ёки ундан ортиқ одамни ўлдириш, зўрлаш ёки жинсий зўравонлик билан боғлиқ жиноятларда айбланган маҳкумларга тааллуқли эмас.
Раданинг Давлат ҳокимияти, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари, минтақавий ривожланиш ва шаҳарсозлик бўйича қўмитаси раҳбари, қонун лойиҳаси муаллифларидан бири Элена Шуляк барча маҳкумлар жиноий ижтимоий унсурлар эмаслигини таъкидлади. Унинг таъкидлашича, уларнинг аксарияти жанговар тажрибага эга ва ўз ватанларини ҳимоя қилиш учун рухсат сўрамоқда.
Қонун лойиҳасига кўра, шартли равишда озод қилиш тўғрисидаги қарор суд томонидан қабул қилинади, озод этилганлар эса маъмурий назоратни амалга ошириш учун ҳарбий қисмларнинг ихтисослаштирилган бўлинмаларига юборилади. Шунингдек, собиқ маҳкумларнинг ҳарбий хизматни ўташдан бўйин товлаганликлари учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазолар белгиланди.
Шарҳлар