Олтин қиймати тарихий рекордни янгилади
Сўнгги савдо маълумотларига кўра, олтин нархи янги рекорд ўрнатган ва бир троя унцияси учун 2153 доллардан ошган.
Нью-Йоркдаги Comex биржасида апрель ойидаги олтин фючерсларининг нархи Тошкент вақти билан соат 19:39 га келиб 9,45 долларга ёки 0,44 фоизга ошиб, бир унцияси учун 2151,35 долларни ташкил этган. Бироқ, бундан бироз олдин, бир унция учун нарх 2,153,55 долларни ташкил этиб, янги рекордни ўрнатди.
Жаҳон бозорида олтин нархининг кўтарилиши февраль ойи ўрталаридан буён учинчи ҳафта давом этмоқда, қимматбаҳо металл нархи 6,09 фоизга ошди, дея хабар беради Freedom Finance Global таҳлилчиси Владимир Чернов.
Олтинга бўлган қизиқиш ортиб бораётгани дунёнинг марказий банклари томонидан қўллаб-қувватланмоқда, улар олтин-валюта захираларини диверсификация қилиш учун жисмоний олтинни фаол равишда сотиб олади, айниқса Россиянинг олтин ва валюта захираларини музлатиш билан боғлиқ воқеа фонида.
Бутунжаҳон Олтин Кенгаши (WGC) ҳисоботига кўра, олтита йирик марказий банк 2024 йил январь ойида сезиларли олтин сотилмаган ҳолда ўз захираларини бир тонна ёки ундан ортиқ олтинга оширган. Бу давлат банклари томонидан жисмоний олтинга кутилаётган барқарор талабдан далолат беради.
Бундан ташқари, Яқин Шарқда геосиёсий кескинлик кучайиши фонида хеж-фондлар ва инвесторлар орасида “хавфсиз актив” сифатида олтинга қизиқиш ортиб бормоқда.
Шарҳлар