OpenAI компанияси 6,6 млрд долларга инвестраунд ўтказиб, 157 млрд доллар баҳони олди
ChatGPT чат-ботини ишлаб чиқувчи Американинг OpenAI компанияси навбатдаги инвестиция раундининг бир қисми сифатида 6,6 миллиард доллар жалб қилиб, 157 миллиард доллар баҳо олди.
“Янги маблағ бизга сунъий интеллект бўйича илғор тадқиқотлар бўйича етакчиликни мустаҳкамлаш, ҳисоблаш қувватини ошириш ва одамларга мураккаб муаммоларни ҳал қилишга ёрдам берадиган воситаларни яратишда давом этиш имконини беради”, — дейилади OpenAI баёнотида.
Жорий йил бошида СИ компанияси 86 миллиард долларга баҳоланган эди. Унинг ҳозирги 157 миллиард доллар баҳоси эса уни Goldman Sachs Group Inc., Uber Technologies Inc. ва AT&T Inc. каби компаниялар билан бир қаторга қўяди.
OpenAI ўтган сармоя раундининг иштирокчилари номини айтмади. The Wall Street Journal маълумотларига кўра, OpenAI компанияси Thrive Capital венчур фирмасидан 1,25 миллиард доллар ва Microsoft Corp. корпорациясидан 1 миллиард доллардан камроқ маблағ олган.
Thrive Capital ва Microsoft компаниялари Barron’s сўровига жавобан сармоявий раундда иштирок этганини тасдиқлаган.
WSJ бошқа инвесторлар қаторида Япониянинг SoftBank Group ($500 млн), Nvidia Corp. ($100 млн га яқин) ҳамда Tiger Global Management ($350 млн), Ark Investment Management ва Altimeter Capital ($250 млн дан) компанияларини ҳам тилга олиб ўтган.
Шарҳлар