OpenAI ОАВларга миллион доллар таклиф қилмоқда

OpenAI оммавий ахборот воситаларига ChatGPT ортидаги моделларни ўқитиш учун янгиликлар мақолаларидан фойдаланиш эвазига 1 миллион доллар тўлашни таклиф қилмоқда. Музокаралар компания Nyu-York Timesнинг муаллифлик ҳуқуқининг бузилиши бўйича катта даъвога дуч келганига қарамай давом этмоқда.

1 миллион доллардан 5 миллион долларгача бўлган таклиф қилинган лицензия тўловлари “кичик нашриётлар учун ҳам арзимас миқдор” ҳисобланади, дея хабар беради The Information OpenAI билан яқинда олиб борилган музокараларда иштирок этган икки раҳбарга таяниб.

Ҳисоботга кўра, OpenAI ўндан ортиқ оммавий ахборот воситалари билан потенциал лицензиялаш битимлари ҳақида музокаралар олиб бормоқда ва асосий эътиборни глобал янгиликлар операцияларига қаратмоқда.

Фирма илгари 2023 йил декабрь ойида Politico ва Business Insiderнинг бош компанияси бўлган гигант Axel Springer нашриёти билан, шунингдек, ўтган ёзда Associated Press билан шартнома имзолаган.

Ушбу битимларнинг молиявий шартлари улар эълон қилинган пайтда ошкор этилмаган. Аммо раҳбарларнинг The Information нашрига айтишича, Axel Springer “бир неча йил давомида ўнлаб миллион доллар олмоқда”.

Хабарларга кўра, OpenAI нинг иккита технологик рақиби, Google ва Apple ҳам ўзларининг сунъий интеллект маҳсулотларини қўллаб-қувватлаш учун янгиликлар нашриётчилари билан контент битимларини изламоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.