Орбан Венгрия ўзининг НАТОдаги аъзолигини қайта кўриб чиқиш устида ишлаётганини билдирди
Венгрия бош вазири Виктор Орбаннинг айтишича, мамлакат Альянсдаги аъзолигини қайта кўриб чиқиш устида ишламоқда. Бу ҳақда Венгрия бош вазири давлат радиоси орқали баёнот берди, деб ёзади Bloomberg.
Унинг сўзларига кўра, Венгрия ҳарбий амалдорлари ва ҳуқуқшунослари аллақачон мамлакатни НАТОнинг бошқа аъзоларидан ажратиб турадиган янги концепция яратиш устида ишламоқда.
“Бизнинг ҳуқуқшуносларимиз ва офицерларимиз Венгрия НАТО ҳудудидан ташқарида НАТО фаолиятида иштирок этмаслиги учун Венгрия ўзининг НАТОдаги аъзолигини қандай сақлаб қолиши мумкинлигини кўриш учун кўп ҳаракат қилмоқда”, – дейди Орбан.
Bloomberg материалида қайд этилишича, Венгрия бош вазирининг баёноти Альянс Украинани Вашингтонда бўлиб ўтадиган июль саммитида тақдим этиш учун қўллаб-қувватлаш пакетини тайёрлаётган бир пайтда билдирилган. Журналистларнинг фикрича, бу чора-тадбирлар Украина ҳарбийларини қурол-яроғ етказиб бериш ва ўқитишни мувофиқлаштиришда оператив даражада НАТО ролини кучайтиришни ўз ичига олиши мумкин.
Шарҳлар