Орбаннинг кортежи Германияда аварияга учради, полициячи ҳалок бўлди

ФОТО: 7AKTUELL.DE/ANDREAS WERNER

Германияга ташрифи чоғида Венгрия бош вазири Виктор Орбаннинг кортежи ЙТҲга учради, натижада 61 ёшли германиялик полициячи ҳалок бўлди. Бу ҳақда Bild нашри ёзади.

Бахтсиз ҳодиса 24 июнь, душанба куни соат 11:15 атрофида Штутгарт шаҳрида содир бўлган. 69 ёшли аёл ўзининг BMW машинасида шлагбаумдан ўтиб кетиб, Орбаннинг машинасини кузатиб бораётган 61 ёшли полициячининг мототциклига бориб урилган.

BMW нинг зарбаси полициячини Венгрия бош вазирига ҳамроҳлик қилаётган бошқа, 27 ёшли офицернинг расмий мототциклига улоқтириб юборган. Уларнинг иккаласи ҳам оғир жароҳатлар билан шифохонага етказилган.

Штутгарт полицияси комиссари Маркус Эйзенбраун 61 ёшли полициячи шифохонада вафот этганини тасдиқлади. Марҳумнинг ҳамкасблари бунга аралашмасликлари учун воқеани тергов қилишни бошқа шаҳар – Людвигсбург полиция бўлими ўз зиммасига олди.

Bild нашрининг қайд этишича, Виктор Орбан бир кун олдин футбол бўйича Европа чемпионатида Венгрия терма жамоасининг Шотландия устидан ғалабасини кузатиш учун  Германияда бўлган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.