Оренбург областида ўпирилган дамба қурилишининг бош пудратчиси маҳаллий ҳокимиятга яқин шахс бўлгани айтилмоқда
Орскдаги дамба қурилиши бўйича бош пудратчи “Спецстрой-3” Оренбург областининг собиқ губернатори Юрий Бергнинг маҳаллий корхонаси “Оренбургспецстрой” қурилиш-монтаж трести атрофида пайдо бўлган бутун компаниялар гуруҳи билан боғланган. У бу ерда 1970 йилларда механик сифатида меҳнат фаолиятини бошлаган.
Берг 2005 йилдан 2010 йилгача Орск маъмурияти раҳбари бўлиб ишлаган, шундан сўнг у бутун ҳудудни 2019 йилгача бошқарган. У 2009 йил охирида дамбанинг бир қисмини ўзи қабул қилган. Бошқасининг қурилиши эса 2014 йилда, Берг губернатор бўлганида якунланган.
Бош пудратчи “Спецстрой-3” трестнинг ҳуқуқий вориси – “Оренбургспецстрой” ЁАЖ (33%) ва “Земстрой” (67%) компаниясига тегишли бўлган. “Земстрой”нинг энг йирик эгаси Сергей Сорокин эди.
Шунингдек, у “С-Плат” компаниясининг ярмига эгалик қилган, унинг шериклари Оренбург области Новотроицк шаҳридаги “Антитеррор” жамғармасининг президенти Сергей Захаров ва “Народный фронт”нинг Оренбург бўлими ҳаммуассиси Олег Лоскутов бўлган.
Захаров илгари Оренбург областида таниқли бўлган собиқ губернаторнинг ўғли Сергей Берг бош директор бўлган “Горизонт” компаниясини тўлиқ назорат қилган.
“Спецстрой”нинг собиқ бош директори Сергей Комаров Биринчи каналда дамбанинг ўпирилишига кемирувчилар сабабчи эканини айтганди. “Важные истории” маълум қилишича, у дамба қурилиши бўйича бош пудратчини бошқарган “Земстрой” компаниясининг раҳбари ва иккинчи йирик ҳамкори бўлган.
Шарҳлар