Россиянинг Орск шаҳрида яна бир дарё қирғоқларидан тошиб чиқмоқда
Россиянинг Оренбург вилояти Орск шаҳридаги Елшанка дарёси қирғоқларидан тошиб чиқмоқда, деб ёзади “Коммерсантъ” мэр Василий Козупицага таяниб. У хавфсиз жойга эвакуация қилишга чақирди. Айни вақтда Орскни Урал дарёси сув остида қолдиришда давом этмоқда.
Маъмурлар одамларни огоҳлантириш билан шуғулланмоқда, полиция ва Фавқулодда вазиятлар фуқаролик мудофааси кучлари гуруҳи билан ушбу масалани муҳокама қилмоқда. Эвакуация учун автобуслар ва вақтинчалик жойлаштириш пунктлари тайёрлаб қўйилган.
Ҳудуд маъмурлари қайд этишича, Оренбург вилояти бутун кузатувлар тарихидаги энг серсув тошқинга дуч келган. Ҳукумат комиссияси тошқинни федерал хусусиятга эга фавқулодда вазият деб баҳолади. Инфратузилмага етказилган зарар 21 миллиард рублга баҳоланмоқда. 7 апрель ҳолатига 77 та аҳоли пунктидаги 10,2 мингта турар жой ва 18,5 мингда томорқа участкалари сув остида қолган. 6,1 минг киши эвакуация қилинган, мингдан ортиқ одам вақтинчалик пунктларга жойлаштирилган.
Оренбург, Орск ва бошқа аҳоли пунктларида қисман эвакуация олиб борилмоқда. Орскда тўғон ёрилиши оқибатида Эски шаҳар, Янги шаҳарнинг бир қисми ҳамда аҳоли пункти таркибига кирувчи бир нечта қишлоқлар сув остида қолди. Орскдаги вазият оғир деб баҳоланмоқда.
Шарҳлар