КХДР АҚШ, Япония ва Жанубий Кореяни “осиёча НАТО”ни яратишда айблади
КХДР Ташқи ишлар вазирлиги баёнот эълон қилиб, АҚШ, Япония ва Жанубий Корея ўртасидаги алоқалар ҳақида ўз позициясини билдирди. Учала мамлакат муносабатлари НАТО ҳарбий блокига қиёсланган, деб ёзади “Коммерсант”.
“Ҳозир АҚШ ўзини оқлаб, АҚШ, Япония ва Жанубий Корея ўртасидаги алоқалар минтақада барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга қаратилганини ва “НАТОнинг осиёча версияси” эмаслигини даъво қилмоқда, лекин бу тажовузкор блокни яратганлик учун халқаро айбловлардан қочиш учун ўйлаб топилган ҳийла”, — дейилади идора хабарида.
Унда таъкидланишича, 2023 йил августида бўлиб ўтган уч томонлама саммитда имзоланган ҳужжатга мувофиқ, мамлакатлар улардан бирига нисбатан таҳдид юзага келган тақдирда, “биргаликда реаксия кўрсатиш” мажбуриятини олади. “Бу моҳиятан НАТОнинг коллектив мудофаа тамойилини эслатади — альянсга аъзо мамлакатлардан бири ҳужумга учраган тақдирда, ташкилот буни барчага қилинган ҳужум деб ҳисоблаб, мудофаа кучларини қўллайди”, — дейилади ТИВ баёнотида.
КХДР, шунингдек, 27—29 июнь кунлари Шимолий Корея атрофидаги сувларда Freedom Edge ҳарбий машқлари ўтказилганини қоралаб, бундай машғулотлар “минтақада ҳарбий кескинликни юзага келтириши”ни қайд этди.
Шарҳлар