“Оппенгеймер” 7 та “Оскар”ни қўлга киритди. “Мариуполда 20 кун” энг яхши ҳужжатли фильм деб эътироф этилди
Лос-Анжелесда 96-Америка киноакадемияси мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтди, деб ёзади Meduza. Энг яхши фильм учун “Оскар”ни “Оппенгеймер” (Oppenheimer) фильми қўлга киритди, уни суратга олган Кристофер Нолан эса Америка киноакадемиясининг энг яхши режиссёр мукофотига эга бўлди.
“Оппенгеймер”да ўйнаган Киллиан Мёрфи энг яхши актёр сифатида “Оскар”ни қўлга киритди, кичик Роберт Дауни эса ушбу фильмдаги роли учун иккинчи даражали энг яхши актёр деб эътироф этилди. “Оппенгеймер” ҳаммаси бўлиб еттита “Оскар”га эга бўлди.
Иккинчи даражали энг яхши актриса “Тарк этилганлар” (The Holdovers) фильмидаги роли учун Давайн Жой Рэндольф бўлди. Режиссор Йоргос Лантимоснинг “Бечоралар” (Poor Things) фильмида ўйнаган Эмма Стоун эса анг яхши актриса сифатида “Оскар”га эга чиқди. Ушбу картина Киноакадемиянинг энг яхши либослар, грим ва соч турмаги, шунингдек, постановкачи рассом иши учун ҳам мукофотларни олди.
Тўлиқ метражли энг яхши ҳужжатли филм сифатида режиссор Мстислав Черновнинг “Мариуполда 20 кун” лентаси тан олинди.
Тўлиқ метражли энг яхши анимацион фильм йўналишидаги “Оскар” Хаяо Миядзакининг “Болакай ва қушча” фильмига топширилди.
Билли Айлиш ва Финнеас О’Коннелнинг “Барби” филмидаги “What Was I Made For?” композицияси фильмлардаги энг яхши қўшиқ деб топилди. “Барби”нинг режиссори Грета Гервиг ва ушбу филмда бош ролни ижро этган Марго Робби номзодлари “Оскар” учун илгари сурилмаганди.
Шарҳлар