Ослода АҚШ элчихонасининг қўриқчиси Россия ва Эрон фойдасига жосуслик қилишда гумон қилиниб ҳибсга олинди

Фото: freepik.com

Норвегияда АҚШ элчихонасининг қўриқчиси Россия ва Эрон фойдасига жосусликда гумон қилиниб ҳибсга олинди, деб ёзади Reuters ва NRK. Полициянинг маълум қилишича, ёши 20 ларда бўлган гумондор 20 ноябрь, чоршанба куни уйида қўлга олинган.

Пайшанба куни суд уни тергов даврига ҳибсга олди. NRK  ёзишича, суд қарорида полиция ҳибсга олинган шахс ва маълум бир куратор ўртасидаги ёзишмаларни аниқлагани маълум қилинади.

Норвегия хавфсизлик хизматлари (PST) гумондор АҚШнинг Ослодаги элчихонасида қўриқчи бўлиб ишлаганини тасдиқлади ва ҳибсга олинганида ундан “катта ҳажмдаги” рақамли материаллар мусодара қилинганини айтди. PST вакили Томас Бломнинг айтишича, қандай маълумотлар берилган бўлиши мумкинлигини айтишга ҳали эрта.

Маҳбуснинг адвокати Жон Кристиан Элденнинг сўзларига кўра, унинг ҳимояси остидаги шахснинг ўзи Россия ва Эрон разведка ходимлари билан алоқада бўлганини тан олган. «Аммо у жосусларга қарши қонунчиликка мос келадиган махфий маълумотларга эга бўлганми ёки йўқлиги аниқ эмас», – деди Элден.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.