Озарбайжон ва Арманистон бир-бирини чегарадош ҳудудларни ўққа тутишда айблади
Озарбайжон ҳукумати 12 февраль куни кечқурун чегара яқинидаги ҳудуди Арманистон томонидан ўққа тутилганини эълон қилди, деб ёзади Meduza.
Озарбайжон Мудофаа вазирлиги тарқатган баёнотда айтилишича, Арманистон қуролли кучлари бўлинмалари Товузгала туманидаги Чинорли аҳоли пунктига қараган позицияда Товуз тумани Коханаби аҳоли пункти йўналишида Озарбайжон армияси позицияларини ўқотар қуролдан ўққа тутган. Озарбайжон томони маълумотларига кўра, бир нафар чегарачи яраланган.
Арманистон Мудофаа вазирлиги маълум қилишича, Озарбайжон ҳудудининг ўққа тутилгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Шу билан бирга, Арманистон томони Озарбайжон ҳарбийларининг ўзлари 13 февраль куни эрталаб унинг ҳудудига ҳужум қилганини билдирди. Сюник вилояти Неркин Ханд томонга қарата отилган ўқлар натижасида Арманистоннинг икки нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлган, ярадорлар бор.
Озарбайжон, ўз навбатида, 13 февраль куни эрталаб Арманистон томонидан “провокация”га жавобан, “Қасос” операциясини ўтказганини эълон қилди. Озарбайжон чегара хизмати айтишича, бўлиб ўтган ҳодиса учун тўлиқ масъулият Арманистон раҳбарияти зиммасидадир.
Озарбайжон ва Арманистон бир-бирини доимий равишда чегарадош ҳудудларни ўққа тутишда айблаб келади.
Икки мамлакат узоқ йиллар давомида ўн минглаб этник арманлар яшаган ва тан олинмаган республика — Тоғли Қорабоғ устида баҳслашиб келади. 2023 йил сентябрида Озарбайжон ҳарбий операция ўтказиб, Тоғли Қорабоғни ўз назорати остига олди. Тан олинмаган республика раҳбари Самвел Шахраманян унинг мавжуд бўлишини тўхтатиш ҳақида фармон имзолади. 5 октябрь куни Арманистон бош вазири Никол Пашинян декларация имзолаб, Тоғли Қорабоғни Озарбайжоннинг бир қисми деб тан олди.
Шарҳлар