Озарбайжон ва Арманистон бир-бирини янги урушга тайёргарликда айбламоқда

Фото: Media.Az

Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбайжоннинг Арманистон дронлари икки давлат чегарасида разведка парвозларини амалга оширгани ҳақидаги иддаоларини рад этиб, бу баёнотларни сохта аахборот деб атади.

Озарбайжон ўтган ҳафтада Арманистон дронлари 25 июль ва 28 июль кунлари чегарада разведка ўтказганини маълум қилганди.

Озарбайжон ҳам Ғарб давлатлари, хусусан, АҚШ ва Франция Арманистонни қўллаб-қувватлаб, уни Қорабоғ учун қасос олишга тайёрлаётганини даъво қилмоқда.

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Арманистонда АҚШ иштирокидаги ҳарбий машғулотлар, шунингдек, Франция томонидан қирғин қуроллар етказиб берилиши ва Европа Тинчлик Жамғармаси ҳомийлигида Европа Иттифоқининг ҳарбий ёрдами Арманистонни провокацияга ва Озарбайжонга қарши навбатдаги урушга тайёргарлик кўришга ундашини билдирди.

Арманистонда кўпчилик янги урушдан хавотирда. Бош вазир Никол Пашинян ва бошқа сиёсатчилар Озарбайжонни ҳудудий яхлитлигини ўзаро тан олишга чақирмоқда. Иккинчи Қорабоғ уруши тугаганига тўрт йил, қуролли тўқнашув бошланганига 32 йил ўтганига қарамай, икки давлат ўртасида ҳалигача тинчлик шартномаси имзолангани йўқ.

Озарбайжон ва Арманистон раҳбарларининг шу ойда Буюк Британияда бўлиб ўтиши режалаштирилган учрашуви, томонларнинг ўзаро айбловлари ортидан, уни бузганлик учун бекор қилинди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.