Ўзбекистонлик санъаткорлар Тожикистоннинг юксак фахрий унвони билан таъқдирланди
Президент Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон муштарак тарихий мерос, маънавий қадрият ва анъаналарни асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш бўйича самарали фаолияти, халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга қўшган муносиб ҳиссаси учун икки мамлакат маданият ва санъат арбобларининг бир гуруҳига фахрий унвонлар бердилар.
Тожикистон миллий консерваторияси ректори Мирали Дўстизода, Тожикистон миллий консерваторияси доценти Исмоил Назриев, Тожикистон Ҳукумати ҳузуридаги Телевидение ва радио қўмитасининг Ф.Шахобов номидаги «Шошмақом» ансамбли раҳбари Фурқат Саидзода, Бобожон Ғафуров тумани шошмақом ансамбли раҳбари Тўлқин Тожибоев, А.Жўраев номидаги Тожикистон давлат филармонияси «Фалак» ансамбли бадиий раҳбари Раҳматулло Ҳошимов «Ўзбекистон Республикаси халқ артисти» фахрий унвонига сазовор бўлди.
Ўзбекистон миллий мусиқа санъати институти «Мақом хонандалиги» кафедраси профессори Муножатхон Йўлчиева, Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков, Ўзбекистон давлат филармонияси «Лазги» ашула ва рақс ансамбли бадиий раҳбари Оғабек Собиров ҳамда хонанда Юлдуз Усмановага «Тожикистон халқ ҳофизи» фахрий унвони, Ўзбекистон миллий академик драма театри директори Ёдгор Саъдиевга «Тожикистон халқ артисти» фахрий унвони берилди.
Давлат раҳбарлари фахрий унвонлар нишонларини ўз соҳибларига тантанали равишда топширдилар.
Шарҳлар