,

Қозоғистон Голан тепаликлари ҳудудига тинчликпарвар кучларини юборади

Фото: Gov.kz

Қозоғистон парламенти мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Яқин Шарқдаги Голан тепаликларига 139 нафар ҳарбий хизматчини юбориш ҳақидаги таклифини қўллаб-қувватлади. Март ойида улар БМТ Тинчликпарвар миссияси доирасида у ерга жўнаб кетади, деб ёзади “Коммерсантъ”.

“Ўз ҳарбий техникаси, қурол-яроғлари ва захира ротаси сифатидаги афзалликларга эга 139 нафар ҳарбий хизматчидан иборат, ‘БМТнинг Голан тепаликларидаги ажратувчи минтақа устидан назорат бўйича кучлари’ миссиясига биринчи мустақил миллий тинчликпарвар контингентининг йўналтирилганини алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур”, — деди Қозоғистон мудофаа вазири Руслан Жаксиликов.

Унинг қўшимча қилишича, тинчликпарварлик миссиясида иштирок этиш мамлакат Қуролли кучларига тинчликпарвар операцияларга хос зарур жанговар малакаларни орттириш имконини беради. Вазир аниқлик киритишича, бу БМТ томонидан Остонага биринчи марта мустақил миссия тақдим этилишидир.

Аввалроқ Қосим-Жўмарт Тўқаев кўнгилли миссияларда иштирок этиш учун Яқин Шарққа, Судан ва Абйейга 430 нафаргача ҳарбийни юборишни таклиф қилган эди. Кучларни жойлаштириш 2024 йил мартида бошланади. Ҳарбийларнинг вазифаси кўчаларда патруллик қилиш ва комендантлик соатига риоя этилиши устидан назорат олиб боришдан иборат бўлади.

Голан тепаликлари 1967 йилгача Суриянинг бир қисми бўлган. Олти кунлик уруш натижасида ҳудуд Исроил назорати остига ўтган. 1973 йилда Сурия Голан тепаликларини қайтариб олишга уринган, бироқ мағлубиятга учраган. Туманнинг 1981 йилда яҳудийлар Исроили таркибига киритилиши халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.