Қозоғистон президенти Хавфсизлик кенгаши мажлисини ўтказди
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакат Хавфсизлик кенгаши мажлисини ўтказди.
Миллий хавфсизлик стратегиясини амалга оширишдаги асосий ёндашувларни долзарблаштириш масалалари кўриб чиқилди. Президент кўриб чиқилаётган масала дунёда геосиёсий вазият мураккаблашаётган бир пайтда Қозоғистон иқтисодий ва ҳарбий салоҳиятини мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамиятга эга эканини қайд этди.
Бош вазир ўринбосари — миллий иқтисодиёт вазири Нурлан Байбазаровнинг маърузаси тингланди. Соҳага алоқадор бир қатор давлат органлари раҳбарлари ҳам маълумот тақдим этди.
Тўқаев ҳозирги шароитларда миллий хавфсизликка таҳдид солаётган асосий муаммолар обектив таҳлил этилиши ва уларнинг олдини олиш учун чоралар ишлаб чиқилиши зарурлигини таъкидлади.
Фуқаролар ва давлат хавфсизлиги масалалари доим ҳукумат ва барча идоралар диққати марказида туриши кераклиги, улар фаолиятининг бош йўналиши бўлиши кераклигини қайд этди.
Хавфсизлик кенгаши йиғилиши якунида миллий манфаатлар ҳимояси ва миллий хавфсизлик рисклари бошқаруви тизими самарадорлигини оширишга қаратилган қарорлар қабул қилинди.
Шарҳлар