Қозоғистоннинг собиқ иқтисодиёт вазири хотини ўлаётган пайтда бошқа аёллар ёзишиб ўтиргани маълум бўлди
Қозоғистоннинг собиқ иқтисодиёт вазири Қуандиқ Бишимбаев рафиқаси Салтанат Нукенова ўлаётган пайтда бошқа аёллар билан ёзишиб ўтиргани маълум бўлди. Шунингдек, у Нукенованинг “уйғониши” ёки “уйғонмаслигини” фолбиндан билишга ҳаракат қилган.
23 апрель куни бўлиб ўтган суд мажлисида Бишимбаевнинг телефони таркиби текширишда давом этилди, дея хабар беради Қозоғистон ОАВлари. Хусусан, ўз хотинини ўлдирганликда айбланаётган собиқ вазир Чимкентда яшовчи Гулнора исмли фолбинга ёзиб, қўнғироқ қилгани маълум бўлди.
9 ноябрь куни соат 15:01 да Бишимбаев Гулнорага Салтанат новшадил спиртга жавоб реакциясини кўрсатмаётгани ҳақида хабар ёзган. «Ҳаммаси жойида, эрталабгача ухлайди», дея жавоб қайтарган фолбин. Тахминан тўрт соат ўтгач, Бишимбаев Нукенова ўзига келган-келмаганини сўраган. Гулнора тасдиқ жавобини берган. Жабрланувчининг ҳимояси Бишимбаев хотини учун тез ёрдам чақирмаганини, балки фолбин билан боғланганига эътибор қаратади.
«19:24 да “у ўзига келдими” деб ёзгансиз. Мен сизнинг мантиқингизни тушунмаяпман, сиз бир неча минг километр узоқда бўлган одамга у ўзига келган-келмаганини билиш учун ёзяпсизми? Сиз буни ўзингиз кўрмаётганмидингиз, у қандай аҳволда эканини? У “у ўзига келган” деб ёзганида, унга ишондингизми?”, – дея судья Айжан Кулбаеванинг сўзларини келтиради Tengrinews нашри.
“Ҳа, ишондим, ишонардим. У хуррак отаётганди, деяпманку”, – дейди Бишимбаев. Илгари, собиқ вазир у фолбинни бир неча йиллардан бери билишини ва у доим унга бизнес масалаларида ёрдам беришини айтганди. Бишимбаев Гулнорага яна қўнғироқ қилиб, Салтанат уйғонмаганини айтганидан сўнг, фолбин тез ёрдам чақиришни маслаҳат берган, деб ёзади Orda.kz.
Аввалроқ судда Бишимбаев хотинининг танаси «совиб қолганини» пайқагач, тез ёрдам чақирганини айтганди.
Шарҳлар