Папуа — Янги Гвинеяда ер кўчишидан кейин 2 мингдан ортиқ киши ер остида қолди (видео)

Foto: AP

Папуа — Янги Гвинеянинг Энга вилоятида ер кўчиши оқибатида икки мингдан ортиқ одам ер остида қолди. Бу ҳақда Табиий офатларга қарши кураш миллий марказининг БМТга йўлланган хатида айтилади, деб ёзади “РБК”.

“Вазият беқарор бўлиб қолмоқда, чунки ер ўпирилиши аста-секинлик билан давом этмоқда, натижада қутқарув жамоаси учун ҳам, омоқ қолганлар учун ҳам доимий хавф юзага келмоқда”, — дейилади ҳужжатда.

Аввалроқ қутқарувчилар 670 кишининг жасадини аниқлаган эди.

Ҳудуд рельефининг ўзига хослиги, воқеа жойининг узоқлиги ва ички низолар ёрдам етказиб берилишини мураккаблаштирмоқда ва омон қолганларни топиш имкониятини камайтирмоқда. Жабрланган ҳудудда 4 мингга яқин одам истиқомат қилган, бироқ аниқ ҳисоб-китоб йўқ, чунки у ерда аҳоли сўнгги марта 2000 йилда рўйхатга олинган, кўплаб одамлар узоқ тоғли қишлоқларда яшайди. Ҳукумат қурбонларнинг кўпчилигини 15 ёшгача бўлган болалар ташкил этишидан хавотирда.

Ер кўчиши 24 май куни юз берди. Энга вилояти мамлакат пойтахти Порт-Морсбидан тахминан 600 км масофада жойлашган. Камида 150 та уй вайроналар остида қолди. Қарийб 1250 киши уйларини тарк этишга мажбур бўлди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.