Пентагон Россия туфайли деярли ҳар ҳафта сунъий йўлдош учиришга ваъда берди
АҚШ орбитага кичикроқ, арзон ва мустаҳкам сунъий йўлдошларни олиб чиқишни бошлайди, уларни деярли ҳар ҳафта учириш мумкин бўлади. Бу ҳақда АҚШ мудофаа вазири ўринбосари Кетлин Хикс маълум қилди, деб ёзади “РБК”.
“Узоқ вақтлар давомида бизнинг сунъий йўлдошларимиз туркумларини бармоқ билан санаш мумкин эди, улар автобус катталигида бўларди, уларни қуриш учун ўнлаб йиллар, ишга тушириш учун ҳам йиллаб вақт керак бўларди”, — дея эслатди у.
14 февраль куни Пентагон Proliferated Warfighter Space Architecture режаси доирасида ракеталарни кузатиш тизимининг прототипини орбитага олиб чиқди. Ушбу режа Ерга яқин паст орбитани юзлаб кичик ва арзон сунъий йўлдошлар билан қоплашга қаратилган. Мақсад шундан иборатки, ҳатто АҚШ душманлари Американинг баъзи сунъий йўлдошларини ишдан чиқаришга муваффақ бўлган тақдирда ҳам, тизим орбитал тўрдаги бошқа қурилмаларга таянган ҳолда ишлашда давом этади.
Америка ҳукумати сўнгги йилларда Россия ёки Хитой билан ҳар қандай йирик ҳарбий низо юзага келган тақдирда, улар биринчи босқичда АҚШнинг коинотдаги телекоммуникациялар, геолокация ва кузатув тизимларини ишдан чиқаришга уринади, деб тахмин қила бошлаган.
Айни пайтда Америка ҳарбий сунъий йўлдош тизимларининг кўпчилиги душман томонидан ҳужумга дош беролмайдиган ҳолатда: уларнинг ҳажми катта ва сони кам.
15 февраль куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг Разведка бўйича қўмитаси раиси республикачи Майк Тёрнер баёнот эълон қилиб, “миллий хавфсизликка жиддий таҳдид” ҳақида огоҳлантирди ва АҚШ президенти Жо Байдендан ушбу “таҳдид”га тааллуқли “барча маълумотларни ошкор этиш”ни талаб қилди.
Кейинроқ ABC News каналининг манбалари разведка маълумотлари Россиянинг коинотга ядро қуроли жойлаштириш режалари билан боғлиқлигини билдирди. “Гап уни Ерга ташлаш ҳақида эмас, балки сунъий йўлдошларга қарши қўллаш эҳтимоли ҳақида бормоқда”, — деб ёзди нашр.
Кремль эса Москванинг космосдаги янги ядро салоҳияти ҳақидаги АҚШнинг огоҳлантиришини рад этиб, буни “ёмон ниятли уйдирма” ва Оқ уйнинг америкалик қонунчилардан Россияга қарши курашиш учун кўпроқ маблағни тасдиқлатишга қаратилган ҳийласи деб атади.
Шарҳлар