Петербургда Игорь Тальков ўлими иши бўйича суд бошланди. Қотилликда сиртдан қўшиқчининг собиқ директори айбланмоқда
Санкт-Петербургнинг Петроградский район суди 1991 йилда қўшиқчи Игор Тальковнинг ўлдирилиши бўйича жиноий ишни кўриб чиқишни бошлади, деб ёзади “Интерфакс”. Қўшиқчининг собиқ концерт директори Валерий Шляфман сиртдан айбланмоқда.
Игор Тальков 1991 йил 6 октябрда Санкт-Петербургдаги “Юбилейний” спорт мажмуасида ўтказилган концерт вақтида саҳна ортида ўлдирилган эди. Ўшанда низо Тальков ва хонанда Азизанинг вакиллари ўртасида чиқишлар тартиби бўйича келиб чиққан.
Тергов маълумотларига кўра, Азизанинг қўриқчиси Игор Малахов Тальков ва унинг директорини тўппонча билан қўрқитган. Жанжал пайтида Шляфман қуролни олиб қўйган ва ўқ узган, аммо ўқ Тальковга тегиб, уни оғир яралаган.
Шляфман дастлаб эҳтиётсизликдан одам ўлдиришда айбланган, аммо 1992 йилда у Исроилга жўнаб кетган ва фамилиясини Висоцкийга ўзгартирган. 2018 йилда тергов иши давом эттирилган, 2022 йилда эса Шляфман сиртдан ҳибсга олинган. Энди у умумий хавфли усулда содир этилган қотиллик ва қотилликка уринишда айбланмоқда.
Биринчи суд мажлисида тергов вакили Сергей Боровков айблов хулосасини ўқиб эшиттирди, гувоҳлардан бири ҳам сўроқ қилинди. Навбатдаги йиғилиш 12 августга белгиланган.
Шарҳлар