Петербургда мактаб ўқувчилари “Россия руслар учун” дея қичқирган ҳолда тожикистонлик қизни дўппослаётгани акс этган видеодан кейин ушбу ҳолат бўйича иш қўзғатилди
Санкт-Петербург Тергов қўмитаси мактаб ўқувчилари “Россия руслар учун” ва бошқа миллатчилик шиорлари билан тожикистонлик қизни калтаклагани акс этган видеодан кейин ушбу ҳолат юзасидан иш қўзғатди. Бу ҳақда “Мигрант Медиа” телеграм канали хабар беради.
Нашрнинг ёзишича, воқеа Санкт-Петербургнинг Приморский районидаги мактаблардан бирида содир бўлган. Видеода икки ўсмир бола синфдош қизни вазиятга муносабат билдирмаган ўқитувчининг кўз ўнгида калтаклаган.
Ҳодисани тасвирга олган видео муаллифи фондаги муштлашувни шундай изоҳлайди: “Россия руслар учун. Москва москваликлар учун. Африка негрлар учун, ахлатхона хачалар учун”. Шундан сўнг у ҳимоясиз хорижлик қизни калтаклаганлардан бирининг қўлини сиқади ва тожикистонлик қизни “йиғлаётган хачиха” деб атайди.
“Фонтанка”нинг аниқлик киритишича, мактаб ўқувчилари орасида муштлашув жорий йилнинг февраль ойида ўқувчилар қизга қоғоз парчаларини улоқтирганидан кейин содир бўлган. Кейин мактаб маъмурияти муштлашув иштирокчилари билан ишламаган, ўқитувчи эса тожикистонлик қизнинг ота-онасидан фақат узр сўраган.
Бироқ 19 апрель куни Хавфсиз интернет лигасининг раҳбари Екатерина Мизулина видеога жавоб реакциясини кўрсатди, шундан сўнг Тергов қўмитаси мактаб ўқувчиларини сўроққа тутди ва ушбу ҳодиса юзасидан текширув бошлади.
“Мигрант Медиа” ўта ўнг ташкилотлар маълумотларига таяниб, видеони суратга олган мактаб ўқувчиси қўлга олинганини қўшимча қилади. Аниқлик киритилишича, унда руҳий муаммолар бор: у «кўпинча свастика ва бошқа бемаъни нарсаларни танасига чизиб юради».
Шарҳлар