Петербургда Украинадаги урушдан қайтган собиқ маҳбус ресторанда одам ўлдирди

убийство
Фото: Ак Жайык

“Фонтанка” нашрининг хабарига кўра, 18 март куни кечқурун Санкт-Петербургдаги ресторанлардан бирида 40 ёшли Алексей Исаков, унинг фикрича, 7 миллион рубль (70 минг евро) қарзи бўлган бизнес шеригини отиб ўлдирган.

Москва проспектидаги “Чабрец” ресторанида содир этилган қотиллик видеокузатув камерасига тушиб қолган. “Бумага” нашри томонидан чоп этилган кадрларда Исаков тўппончани олиб, рўпарасида ўтирган одамга қарата ўқ узганини кўриш мумкин. Жабрланувчи сакраб ўрнидан турган ва столдан узоқроқда йиқилган. Исаков яқинлашиб, бир неча марта ўқ узган, сўнг столга қайтиб, овқатланишни давом эттирган.

Қайд этилишича, Исаков жиноят жойидан қочишга уринмаган, уни ресторанга келган полиция ходимлари қўлга олган. Нашр қотиллик ўз-ўзидан эмас, режалаштирилган бўлганини тахмин қилмоқда. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, яқин орада суд гумонланувчига нисбатан эҳтиёт чорасини танлаши керак.

Исаков яқинда Украинадаги жанговар ҳаракатлар зонасидан қайтган. Нашрнинг таъкидлашича, у, афтидан, урушга колониядан кетган – 2021 йил май ойида эркак бир неча ўғирлик эпизодлари учун 3,5 йилга қамалган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.