Петербургдаги қабристонда Пригожинга ҳайкал ўрнатилди
29 май куни “Вагнер” хусусий ҳарбий компаниясининг асосчисига мемориал лавҳа ва бронза ҳайкал ўрнатилди. Мемориалнинг расмий очилиши Пригожиннинг туғилган кунида, 1 июнда бўлиб ўтади. Бу ҳақда “Медуза” 47 news нашрига таяниб хабар беради.
Журналистларнинг таъкидлашича, бронза ҳайкалнинг кўкрагида учта юлдузли медални кўриш мумкин. Евгений Пригожин Россия ҳамда “ДНР” ва “ЛНР” Қаҳрамони унвонларига эга.
Евгений Пригожин 23 август куни Тверь областида шахсий самолёти қулаши оқибатида ҳалок бўлганди. У билан бирга бортда “Вагнер” ХҲК командири Дмитрий Уткин ҳам бор эди.
Пригожин Санкт-Петербургдаги Пороховское қабристонига Россия Қаҳрамони унвонини олганлар учун амалга ошириладиган ҳарбий шарафларсиз дафн қилинди. Маросимда бор-йўғи бир неча ўн киши қатнашди.
Шарҳлар