Исроил Ливанда пейжерларни портлатиш бўйича операцияга 15 йил тайёрланган
Исроил шу ҳафта Ливанда портлаган пейжерларни ишлаб чиқаришга алоқадор. Бу ҳақда ABC Америка разведкасидаги манбасига таяниб хабар бермоқда. Унинг сўзларига кўра, Исроил ҳукумати бу операцияни 15 йил мобайнида режалаштирган.
Таъкидланишича, Исроил разведка ходимларини жалб қилган ва бир нечта сохта компаниялардан фойдаланган. Шу билан бирга, ушбу корхоналарнинг баъзи ишчилари улар аслида кимнинг қўлида ишлаётганини билмаган. Бундай компаниялардан бири Будапешта рўйхатга олинган BAC Consulting бўлиб, Тайваннинг Gold Apollo бренди остида пейжерлар ишлаб чиқариш бўйича шартнома тузган. Бироқ Венгрия ҳукумати вакили каналга маълум қилишича, бу пейжерлар мамлакатда ҳеч қачон бўлмаган, компания эса Венгрияда ишлаб чиқариш ёки операция майдонлари бўлмаган савдо воситачиси бўлган.
Эслатиб ўтамиз, 17 сентябрь куни Ливанда “Ҳизбуллоҳ” аъзолари фойдаланаётган юзлаб пейжерлар ёппасига портлади. 18 сентябрь куни мамлакатда бошқа электрон ускуналар — ноутбуклар, рация ва портатив алоқа воситалари портлай бошлади. 30 дан ортиқ одам ҳалок бўлиб, минглаб кишилар жабрланди.
Шарҳлар