Покистонда жазирама оқибатида қарийб 600 киши ҳалок бўлди, морглар тўлиб кетди
Покистонда ҳаво ҳарорати 40 даражадан ошди, аммо намлик юқори бўлгани сабабли жазирама 49-50 даража сифатида ҳис қилинмоқда. Мамлакатдаги энг йирик тез ёрдам хизматини бошқарувчи Эдхи фонди раҳбари Фейсал Эдхи маълум қилишича, ҳафта бошида тез ёрдам машиналари иссиқ уриши оқибатида ҳалок бўлган ўнлаб кишиларнинг жасадларини моргга етказган.
Одатда Карачи шаҳар моргига ҳар куни 30-40 тадан жасад келиб тушади, аммо сўнгги олти кун ичида уларнинг 568 тага етган, шулардан 141 таси сешанба кунининг ўзида келтирилган. Уларнинг кўпчилиги шаҳарнинг ночор ҳудудларидан бўлгани айтилмоқда.
“Биз битта жавонга учтадан жасадни жойлаштиришга мажбур бўляпмиз. Шунингдек, жой бўшатиш учун 22 та жасадни одатдагидан камроқ вақт сақлаб туриб, шошилинч дафн қилишимизга тўғри келди. Шаҳардаги барча морглар, ҳатто масжид ва мотам заллари қошидаги морглар ҳам жой танқислигига дуч келмоқда”, — деди Фейсал Эдхи.
Қайд этилишича, одамлар айнан иссиқ уришидан вафот этганини ишонч билан айтишга ҳали эрта, бироқ юқори ҳарорат, шубҳасиз, ўлимлар сабабларидан бири бўлган.
Шарҳлар