Покистон Эрон ҳудудига ҳужум қилиб, жавоб зарбаларини берди
Покистон Эрон ҳудудига зарбалар берганини тасдиқлади, деб ёзади “Коммерсантъ”. Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, террорчилар бекиниб олган объектларга ҳужум қилинган. Эрон ОАВларига кўра, уч аёл ва тўрт нафар ёш бола ҳалок бўлган, зарбалар ракета ва учувчисиз учар қурилмалар ёрдамида амалга оширилган.
“Эрталаб Покистон Эроннинг Систон ва Белужистон вилоятидаги террорчилар бошпаналарига юқори даражада координацияланган ва нишонга қаратилган юқори аниқликдаги ҳарбий зарбалар кетма-кетлигини амалга оширди”, — дейилади Покистон ТИВ баёнотида. Таъкидланишича, бир неча террорчи ўлдирилган.
Шу билан бирга, Исломобод Эронни биродар мамлакат деб атаб, унинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишини қайд этди. Покистон ҳужумлардан мақсад “ўз хавфсизлиги ва миллий манфаатларни таъминлаш” бўлганини даъво қилмоқда. Исломобод ўз халқи хавфсизлигини сақлаш учун чоралар кўришда давом этишга ваъда берди.
Эрон ОАВларига кўра, портлашлар Покистон билан чегарадош Систон ва Белужистон вилоятида жойлашган Сераван округининг бир нечта туманларида юз берган. Портлашлардан бири оқибатида камида етти киши ҳалок бўлган, деб ёзади YJC вилоят губернатори ўринбосарига таяниб. Қурбонларнинг ҳеч бири Эрон фуқароси бўлмаган. Меҳр агентлиги ҳужумларда ракета ва учувчисиз қурилмалар қўлланилганини маълум қилди.
Аввалроқ Эрон Ироқ, Сурия ва Покистондаги объектларга зарбалар берган эди. Теҳрон даъво қилишича, Покистондаги нишонлар “Жайш ал-Адл” террорчилик гуруҳи бўлган. Бағдод ва Исломобод Теҳрондан ўз элчиларини чақириб олди. Покистон Теҳрон томонидан “бу ноқонуний ҳаракатни жавобсиз қолдирмасликка” ваъда берганди. Эрон ташқи ишлар вазири эса Теҳрон Покистон суверенитетини ҳурмат қилишини таъкидлаганди.
Шарҳлар