Покистондан сўнг Ҳиндистон ҳам Бишкекдаги талабаларига уйда қолишни тавсия қилди
Ҳиндистон ҳукумати жума куни Қирғизистондаги фуқароларига Бишкекда Покистон, Бангладеш, Ҳиндистон, Миср ва бошқа мамлакатлардан келган мигрантлар сонининг кўпайиши хавфи туфайли жума оқшомида хорижлик талабаларга ҳужумлар ва маҳаллий аҳоли томонидан норозилик намойишлари бўлгани ҳақидаги хабарлар муносабати билан уйда қолишни тавсия қилди.
«Биз талабалар билан алоқадамиз. Ҳозирча вазият тинч, аммо талабаларга айни вақтда уйда қолиш ва муаммо юзага келган тақдирда элчихонага мурожаат қилиш тавсия этилади. Бизнинг 24 соат ишлайдиган алоқа рақамимиз – 0555710041», – дейилади Ҳиндистоннинг Бишкекдаги консуллиги X ижтимоий тармоғида берган хабарида.
Ташқи ишлар вазири С.Жайшанкар ҳам талабаларга элчихона билан доимий алоқада бўлишни маслаҳат берди. «Бишкекдаги ҳиндистонлик талабалар хавфсизлигини кузатиб бормоқдамиз. Ҳозирча вазият тинч, деб айтилмоқда. Талабаларга элчихона билан доимий алоқада бўлишни қатъий тавсия қиламан», деди у.
Ҳисоб-китобларга кўра, Қирғизистонда 15 000 га яқин ҳиндистонлик талаба яшайди.
Маълумотларга қараганда, 13 май куни талабалар хостелида маҳаллий талабалар ва хорижлик талабалар ўртасида жанжал юз берган, сўнгра жума куни норозилик билдириш учун одамлар йиғилишган. Уларнинг айтишларича, жанжал қатнашчиси бўлган фуқарога хорижликлар лоқайд муомалада бўлишган.
Бироқ, полиция уч хорижлик ҳуқуқбузарлик гумони билан ушланди, дея маълум қилган. Бу ҳақда «АКИpress» хабар беради. Хабарда гумондорлар томонидан олинган видеода улар жанжал учун узр сўраб, жазога тайёр эканликлари айтилган.
Гарчи Қирғизистон ҳукумати вазиятнинг назорат қилинишини маълум қилган бўлса-да, ҳимоя аслаҳаларини кийган полиция маҳаллий аҳоли ва хорижликлар ўртасидаги жанжалдан ғазабланган катта оломон йиғилгани сабабли тунги соатларда ҳам Бишкекнинг баъзи қисмларида навбатчиликни давом эттиришган.
Оломон Бишкек кўчаларида бир неча соат давомида тўпланиб турган, аммо эрта тонгда тарқалган. Ички ишлар вазирлигида вазият барқарор деб айтишмоқда. Қирғизистон фуқаролари ва хорижликлар орасида жароҳатланганлар йўқлиги маълум қилинди.
Шу билан бирга, Покистон ҳам ўз талабаларига худди шундай тавсия бериб, уйда қолишни таклиф қилди. Баъзи ижтимоий тармоқлардаги хабарларда уч покистонлик талаба ҳалок бўлгани айтилган бўлса-да, ҳукумат ҳозиргача ҳеч қандай ўлим юз бергани тўғрисида хабар олмагани қайд этди.
Покистон элчихонаси 13 май куни қирғиз ва мисрлик талабалар ўртасида тўқнашув юз бергани ва жума куни шу тўқнашув видеоси Интернетга тарқалгандан кейин авжга чиққанини маълум қилди.
Покистоннинг Қирғизистондаги консуллиги Х ижтимоий тармоғида хабар қилишича: «Ҳозирча Бишкекдаги бир нечта тиббиёт университетлари талабаларининг ётоқхоналари ва покистонлик талабалар истиқомат қилаётган хусусий уйларга ҳужум қилинган. Талабалар ётоқхоналарида ҳиндистонлик, покистонлик ва бангладешлик талабалар яшайди. Бир нечта покистонлик талаба енгил жароҳат олгани ҳақида хабар берилган». «Ижтимоий тармоқларда покистонлик талабаларнинг ўлими ва зўравонликка учраши ҳақидаги хабарларга қарамасдан, биз ҳозиргача бундай маълумотлар тасдиғини олганимиз йўқ», – дея қўшимча қилинади хабарда.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Камчибек Ташиев Бишкекка Покистон, Бангладеш, Ҳиндистон, Миср ва бошқа мамлакатлардан келаётган мигрантлар сонининг ошишидан хавотирга тушган 18 дан 25 ёшгача бўлган йигитлар жума оқшомида тўпланганини маълум қилган.
Шарҳлар