Польша Беларусь билан чегарадаги тўсиқни мустаҳкамлашга 370 млн доллар ажратади
Польша ҳукумати Беларусь билан чегарадаги тўсиқни модернизация қилмоқчи. Ушбу мақсад учун 1,5 миллиард злотий (370 миллион доллардан кўпроқ) талаб этилади, деб ёзади “Коммерсантъ”.
“Тўсиқ модернизациясининг ўзи, катта эҳтимол билан, қарийб 1,5 миллиард злотийга тушади, бу тўсиқ ҳақиқатда иш бериши учун эса яна худди шунча ажратиш керак”, — деди миллий мудофаа вазири ўринбосари Цезарий Томчик ТVN24 телеканалига берган интервьюсида.
Модернизация лойиҳаси устида польшалик муҳандислар ва Силезия технология университети ходимлари коллективи иш олиб боради. Вазир ўринбосари фикрича, тўсиқ орқали ўтиш имконияти бўлмайди.
Томчикнинг айтишича, ҳозирги тўсиқ вақтинчалик ечим ҳисобланади, чунки у ноқонуний муҳожирларни ушлаб қолишда етарлича самара бермаяпти. Унинг таъкидлашича, муҳожирлар Беларусь хизматлари ёрдамида ҳамда домкратдан фойдаланиб, ундан ошиб ўта олади.
Шарҳлар