Польша бош вазири Дональд Туск абортлар тўғрисидаги қонунчиликка ўзгартириш киритишга тайёрлигини билдирди

Фото: FreeДом

Польша бош вазири Дональд Туск Европадаги энг қаттиқ қонунлардан бири ҳисобланган аборт қонунчилигига ўзгартиришлар киритишга тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақда “Медуза” ёзади.

Туск бошчилигидаги янги Польша ҳукумати бу соҳада ислоҳотлар ўтказиш ниятида. Унинг сўзларига кўра, “Фуқаролик платформаси” партияси аллақачон ҳомиладорликнинг дастлабки 12-ҳафтасида аборт қилиш учун рухсат беришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини тайёрлаган. Ушбу қонун лойиҳаси яқин вақт ичида парламентга киритилиши режалаштирилган.

Туск ўз партияси, сўл марказчи “Польша ташаббуси” ва “Яшиллар” партиясини ўз ичига олган ҳукмрон коалиция ичида аборт масаласида турлича қарашлар мавжудлигини тан олди.

Бундан ташқари, Тускнинг иттифоқчилари томонидан таклиф этилган яна бир қонун лойиҳаси аёлларнинг фавқулодда контрацепция воситаларидан фойдаланишини яхшилашга қаратилган. Таклиф ушбу дориларни 15 ёшдан ошган Польша резидентлари учун рецептисиз олиш имкониятини назарда тутади.

Европа бўйича Польшада абортга қарши энг қатъий қонунлар мавжуд. 1993 йилги қонунга кўра, абортга фақат зўрлаш, онанинг ҳаётига таҳдид ёки ҳомиланинг даволаб бўлмайдиган жиддий касаллиги ҳолатларида рухсат берилган. 2021 йилда Польша Конституциявий суди ушбу асосларнинг охиргисини конституцияга зид деб топди ва бу мамлакатда қонуний абортларнинг 98 фоизини тақиқлашга олиб келди.

2015 йилдан 2023 йилгача Польшада “Қонун ва адолат” партиясининг консерваторлари ҳокимият тепасида эди. Бироқ 2023 йил кузида бўлиб ўтган сайловлардан сўнг улар коалиция туза олмади ва ўзларини мухолифатда кўрди. Фуқаролик платформаси вакили бўлган янги либерал ҳукумат аввалги ҳукумат даврида қабул қилинган бир қатор консерватив қонунларни қайта кўриб чиқиш ниятини билдирди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.