Польша бош вазири Леонид Волковни калтаклаш буюртмачиси қўлга олинганини маълум қилди

Леонид Волков. Фото: BBC

Польша бош вазири Дональд Тускнинг сўзларига кўра, қўлга олинган шахс Россия манфаатларида ишлаётган Беларусь фуқароси.

“Навальнийнинг сафдошини ўлдириш учун икки полякка буйруқ берган руслар учун ишлаган беларус қўлга олинди. Калтаклашда қатнашганлар ҳам  аллақачон қўлга олинди. Улар “Ультрас” мухлислари доиралари (спорт ишқибозларининг уюшган гуруҳлари) билан боғланган”, — дейди Туск.

Бугун эрта тонгда Литва президенти Гитанас Науседа Польшада Волковга ҳужум қилишда гумондорлар ҳибсга олинганини маълум қилганди. Унинг айтишича, ҳибсга олинганлар Литва расмийларига топширилади.

Номаълум шахслар 12 март куни Алексей Навальнийнинг иттифоқчиси Леонид Волковга унинг Вильнюсдаги уйи яқинида ҳужум қилган. Улар Волковнинг кўзига газ сепиб, болға билан уришган, бундан олдин эса машина ойнасини синдиришган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.